ИЛҒОР ПЕДАГОГИК ВА АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИГА АСОСЛАНГАН ЯНГИ АВЛОД ДАРСЛИК ВА ЎҚУВ АДАБИЁТЛАРИНИ ЯРАТИШ — ДАВР ТАЛАБИДИР

 /  31.12.2017 494

Ўқитувчи таълим бериш жараёнида ҳар бир фаннинг оддийликдан мураккабликка қараб изчил давом этадиган муайян асосларига таянади. Бу асослар эса ўқув адабиётлари – дарсликларда муфассал акс эттирилади. Истиқлол йилларида умумий ўрта таълим мактаблари учун дарсликларнинг янги авлодини яратиш давлат миқёсидаги вазифага айланди. Зеро, ҳар бир ўқувчининг дарслик билан тўлиқ таъминланиши таълим сифатини оширади.

Таълим тизимига янги мазмун бахш этган Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, чет тиллар буйича янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари ишлаб чиқарилиб, амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.

Давлат таълим стандартлари ва ўкув дастурларига мос 1–4 синфлар учун дарсликлар ва ўқув адабиётлари қисқа муддатда тайёрланди ва амалиётга татбиқ этилди.

Юқори синф ўқувчилари учун мўлжалланган дарсликлар ҳозирги талаблар асосида, 1–4-синфлар дарсликларининг мантиқий давоми сифатидақайта ишланиб, тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Дарсликларнинг юртимиздаги ҳамда хориждаги тажрибали мутахассислар томонидан яратилиши кўзда тутилган. Бу борада инглиз тили бўйича ҳамкасбларга ҳавас қилсак арзийди. Улар Ўзбекистонда таълимга оид турли ташкилотларда фаолият юритаётган чет эллик мутахассис-экспертлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдалар.

Дарсликларнинг янги авлодини тайёрлашда бугун баъзи муаммолар ҳам учрайди. Мустақиллигимизнинг дастлабки 10 йиллигида Халқ таълими вазирлиги ташаббуси ва Франция элчихонасиниг амалий ёрдамида 5–11 синфлар учун коммуникатив ёндашувга асосланган, узвийликни таъминловчи дарсликлар тузилди. Муаллифлар гуруҳи таркибига Республикадаги етакчи назариётчи ва амалиётчи мутахассислар танлаб олинди. Чет эллик экспертлар сифатида Версаль Академияси қошидаги Ўқитувчилар тайёрлаш институти (Institut Universitaire de Formation des Maîtres) мутахассислари Мишел Ферран ва Магделен Лораль жалб қилинди. Улар 5–11 синфлар учун дарсликлар якунига етгунча ҳам тил соҳиблари, ҳам француз тили мутахассислари сифатида биз билан ҳамкорликда ишладилар. Умумтаълим мактабларга мўлжалланган дарсликлар тайёрлангач, олий таълим учун дарсликлар ёзишга киришилди. Бу ишга ЎзДЖТУ, Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Alliance Françaiseнинг Самарқанд филиали ходимларидан ташкил топган мутахассислар жалб этилди. Муаллифлар гуруҳи Франциянинг Лимож шаҳридаги Atlante Innovation тил ўқитиш марказининг мутахассислари Hugues Denisot ва Marianne Gautier билан ҳамкорликда ишладилар. Барча муаллифлар тил ўқитишга коммуникатив ёндашув буйича Францияда малака оширдилар. Дарслик тайёр бўлган, нашрга тавсия қилиш учун вазирлик грифи ҳам олинди.

Университетнинг ўша пайтдаги ректори А.Исмоиловнинг саъй-ҳаракатлари билан 2010-2011 йилларда дарсликнинг иккита модули алоҳида-алоҳида нашр этилди, улар асосида электрон дарслик тайёрланди. Улардан биринчи курс талабалари самарали фойдаландилар. Натижалар юқори бўлди.

Шу кунларда 5-, 10-синф француз тили дарсликлари қайта нашрдан чиқарилди, 6-, 11-синф дарсликлари қайта нашрга тайёрланмоқда.

Ҳозирда эса тил соҳиби бўлган мутахассис-экспертлар йўқ. Кўпроқ волонтёрлар билан ишлашга тўғри келмоқда. Уларнинг кўпчилиги мутахассис эмас, фақат тил соҳиби халос.

Олий таълимда дарсликлар масаласи анча мураккаб.      Бугунги кунда Республикадаги мутахассислардан гуруҳ тузилиб, дарсликлар ёзилмоқда. Айни пайтда амалий фанлар буйича чет элдан келтирилган ўқув адабиётларидан фойдаланмоқдамиз, аммо улар дарслик бўлмагани боис, унинг ўрнини боса олмайди. Амалиёт дарсларида интернет материалларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилган. Аммо материалларнинг дарс жараёнидан кейин турли жойларда қолиб кетиш ва эсдан чиқиш эҳтимоли катта.

Дарсликлар тайёрланишида чет эллик мутахассислар билан шартнома асосида ҳамкорлик қилиш зарур. Бу ерда Франция элчихонасининг амалий ёрдамига суяниш лозим.

Бу масаладаги бўшлиқни тўлдиришга Ўзбекистон Республикаси Президенти “Истеъдод” жамғармаси томонидан чет элга малака ошириш, стажировка, PhD ва магистратурада ўқиш учун юборилаётган мутахассисларнинг масъулиятини ошириш ҳам талаб этилади.

Ҳар қандай мукаммал ишланган дарслик буйича ўқитиш самарадорлигини ошириш, ўқитувчининг маҳоратига боғлиқлиги ҳаммага аён. Шу маънода маҳоратли ўқитувчиларимизни кўпайтириш борасида ҳам кўп ишларни амалга ошириш лозим.

Олий таълим учун дарсликлар тайёрлаш асносида улар асосланиб электрон дарсликлар яратиш ҳам назардан четда қолмаслиги зарур.

Чет тилларни ўқитишда турли инновацион методлардан фойдаланиш, ўқитувчиларда тил ўрганишга бўлган ички ва ташқи мотивацияни кучайтириш йўлларини излаш лозим. Бунда тил ўрганувчиларнинг хусусиятларига эътибор қаратиш, жумладан, улардаги ривожланган компетенциялар асосида бошқа компетенцияларни ҳам ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Ёш болалар тилни эшитиш орқали ўрганадилар. АҚШда ўтказилган тадқиқотларга қўра, мазкур табиий ўрганиш услуби тизимга солинса, инсон мияси олти ойда исталган чет тилини эшитиш орқали ўрганиб, ўз она тилидек гапириши мумкин экан.

Бу услуб дунё бўйлаб кенг тарқалган ва қирқ икки миллионга яқин киши уни ўзида синаб, кутилган натижага эришган. Масалан, Тайланд ва Вьетнамда тилни эшитиш орқали ўргатувчи махсус мактаблар мавжуд.

Ўзбекистонда ҳам Get Club инновацион тил мактаби томонидан биринчи марта эшитиш орқали ўрганиш методи йўлга қўйилди. Бу эса айни дамда шов-шувларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда беш юздан ортиқ ўқувчи мазкур янгича ёндашув бўйича таълим олмоқда.

Француз тилини иккинчи тил сифатида ва умумтаълим фанилари қаторида ўрганаётганлар учун дарсликлар тайёрлаш ҳам олдимизда турган вазифалардандир.

Hozircha fikr bildirilmagan

Fikringizni bildiring!

Hozircha fikr bildirilmagan!

Maqola haqida fikringizni bildiring.

<