Этика қоидалари

“Ўзбекистонда хорижий тиллар” электрон журналида материал чоп этиш этикаси

“Ўзбекистонда хорижий тиллар” номли илмий-методик электрон журнал умумқабул қилинган ахлоқ меъёрлари ва илмий нашрлар стандартларига риоя этади ҳамда савиясиз мақолаларни чоп этилишининг олдини олиш учун барча чораларни кўради. Журнал Таҳрир ҳайъати ўз фаолиятида  илмийлик, холислик, профессионаллик ва бетарафлик тамойилларига амал қилади. Муаллифлар билан алоқа адолатлилик, хушмуомалалик, холислик, тўғрилик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилади.

Журнал муҳаррири амал қилиши керак бўлган тамойиллар

Муҳаррир ўз фаолиятида муаллифларнинг асарларини эълон қилиш бўйича масъулиятни зиммасига олган ҳолда, қуйидаги асосий тамойилларга амал қилади:

  • Муҳаррир таҳририят этикаси стандартларига риоя этади ва унинг бузилиш ҳолатлари олдини олади.
  • Журнал муҳаррири мақолани чоп этиш бўйича қарор қабул қилишда шахсан масъулиятни ўз зиммасига олади, унинг асосида доимо кўрилаётган ишнинг ҳақиқийлиги ва унинг илмий аҳамияти ётади. Муҳаррир тижорий мақсадларни ўз ичига олмаган адолатли ва бетараф қарорлар қабул қилиш мажбуриятини зиммасига олиб, мақолани холисона тақриздан ўтказиш жараёнини ташкиллаштиради. Мақолани чоп этиш бўйича қарор қабул қилишда муҳаррир бошқа муҳаррирлар ва тақризчилар фикрини инобатга олади.
  • Муҳаррир мақолани чоп этиш бўйича қуйидаги асосий мезонларга таянган ҳолда қарор қабул қилиши лозим: қўлёзманинг журнал мавзусига мослиги; мақола мавзусининг долзарблиги, янгилиги ва илмий аҳамияти; баённинг аниқлиги; натижаларнинг ишончлилиги ва хулосаларнинг тугалланганлиги. Тадқиқотнинг сифати ва унинг долзарблиги мақолани чоп этиш учун қарор қабул қилишга асос бўлади.
  • Муҳаррир чоп қилинадиган мақолаларнинг юқори сифати ва шахсий маълумотларнинг махфийлигини сақлаш бўйича барча чораларни кўриши лозим. Мақоланинг мазмунидаги ноаниқликлар, шунингдек грамматик, услубий хатолар мавжуд бўлса, таҳририят уларни бартараф этиш юзасидан барча чораларни кўришни ўз зиммасига олади.
  • Муҳаррир мақолани чоп этиш бўйича ҳал қилувчи қарорни қабул қилишда тақризчиларнинг тавсияларини инобатга олади. Мақоланинг чоп қилиниши бўйича қарор қабул қилиш тўлиқ таҳрир ҳайъати зиммасидадир.
  • Муҳаррир мақолани қабул қилиниши ёки қилинмаслигида ўз қарорини асослаб беради.
  • Муҳаррир тақриз қилинадиган мақола муаллифига ўз тадқиқот позициясини асослаб беришга имкон беради.
  • Муҳаррир баҳсларни қўллаб-қувватлайди ва оппонентлар ўз фикрларини билдиришларига имкон беради.
  • Муҳаррир муаллифининг дини, ирқи, диний ва жинсий қарашлари, келиб чиқиши, фуқаролиги ёки сиёсий қарашларидан қатъий назар қўлёзманинг интеллектуал моҳиятига баҳо беради.
  • Журнал муҳаррири ва таҳририят кенгаши аъзолари муаллиф, тақризчилар (эҳтимолий тақризчилар)дан ташқари ўзгаларга қўлёзма ҳақида маълумотларни бермасликлари лозим.
  • Муҳаррир мақоланинг бутунлигини сақлайди, муаллифларга зарур ўзгартиришларни киритган ҳолда мақолани адабий таҳрирдан ўтказишга ёрдам беради ва илмий мақолаларга қўйиладиган, тадқиқот ва нашрий этика талабларига мос келмайдиган мақолаларни рад этади. Муҳаррир юқорида кўрсатилган қоидалар бузилган тақдирда мақолани қабул қилмаслик ҳуқуқига эга.
  • Кўриб чиқиш учун тақдим этилган мақолалардаги чоп этилмаган маълумотларни муаллифнинг ёзма рухсатисиз шахсий тадқиқотларда фойдаланиш мумкин эмас. Тақриз ёки муаллиф билан ёзишмалар жараёнида олинган маълумот ва ғоялар сир сақланиб шахсий манфаат олиш йўлида фойдаланмаслиги лозим.
  • Муҳаррирлар муаллифлар, қўлёзмага боғлиқ бўлган бошқа ташкилотлар билан рақобат натижасида келишмовчиликлар бўлган тақдирда қўлёзмани кўриб чиқишни рад этишлари мумкин.

Илмий мақола муаллифлари амал қилишлари керак бўлган тамойиллар

Муаллиф (ёки муаллифлар жамоаси) илмий тадқиқотлар натижаларининг янгилиги ва ишончлилиги учун бирламчи жавобгар ҳисобланишади, шу боис улар қуйидаги тамойилларга амал қилишлари зарур:

  • Муаллифлар мақолада тавсифланган тадқиқотнинг оригиналлигини кафолатлашлари зарур. Бошқа муаллифларнинг иши ёки сўзлари ишлатилса, манбага ҳаволалар ёки иқтибослар кўрсатилиши шарт. Жуда ҳам кўп иқтибослар келтириш ахлоққа зидлигини унутманг, ҳар қандай шаклдаги плагиатга эса мутлақо йўл қўйилмайди.
  • Муаллифлар илмий изланиш натижаларининг ҳаққонийлигига жавоб беришади. Олдиндан хато қилинган ёки қалбакилаштирилган фикрлар бериш ножоиздир. Чоп этилган материалларнинг муаллифлари келтирилган фактлар, иқтибослар, статистик ва бошқа маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгардирлар.
  • Тақдим этилган ишнинг концепцияси, лойиҳаси, бажарилиши ёки интерпретациясига муносиб ҳисса қўшган шахслар мақола муаллифлари сонига киради.
  • Ўзининг лавозими, мансаби ёки маълум бир таъсири, шахсий муносабатлар ёки маълум тўлов эвазига муаллифлар сонига қўшилган шахсларни муаллифлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш зарур. Агарда тадқиқотнинг бошқа босқичларида қатнашган шахслар мавжуд бўлса, уларнинг исм-шарифлари мақола матнида тилга олиниши мумкин. Муаллиф барча ҳаммуалифлар мақоланинг охирги варианти билан танишиб, унинг чоп этилишига рухсат беришганини тасдиқлаши лозим.
  • Муаллифлар ноширларнинг, яъни мақола биттадан ортиқ нашрда берилмаслик ҳақидаги талабларини бажаришлари керак.
  • Муаллифлар ўз ишларида топилган хатоларнинг тезроқ тузалиши учун муҳаррирлар билан ишлашлари лозим.
  • Муаллиф учинчи шахсларнинг хатоларига нисбатан танқид ёки фикр билдирадиган бўлса, этика меъёрларига риоя этишлари зарур.

Тақризчи  амал қилиши лозим бўлган тамойиллар

Тақризчи муаллифлик материалларининг илмий экспертизасини амалга ошириб, унинг фаолияти холис бўлиб, қуйидаги тамойилларга риоя этиши зарур:

  • Тақризчи мақолаларни тақриз этишда тақриз муддатига риоя этиши ва берилган баҳоларни сир сақлаши керак. Қўлёзмани тақризлашга малакаси етишмаётганлигини ёки белгиланган муддатда ишни бажаришга вақти етишмаётганлигини ҳис қилган тақризчи бу ҳақда муҳаррирни огоҳлантириши ва уни мазкур қўлёзмани тақризлашдан озод этишни сўраши мумкин.
  • Тақризчилар муаллифлар, қўлёзмага боғлиқ бўлган бошқа ташкилотлар билан рақобат натижасида келишмовчиликлар бўлган тақдирда қўлёзмани тақризлашни рад этишлари мумкин.
  • Тақризчи тақриз учун олинган қўлёзмани махфий ҳужжат сифатида кўриб чиқиши лозим. Мазкур ишни муҳаррир ваколатига эга бўлмаган ўзга шахслар билан муҳокама қилиш, унга кўрсатиш мумкин эмас.
  • Тақризчи мақоланинг долзарблиги, илмийлиги, янгилик даражаси, назарий ва амалий аҳамияти журнал мавзусига мувофиқлигини кўриб, чоп этишга тавсия этиши (этмаслиги) мумкин.
  • Тақризчи холис ва бетарафлик билан мақолани баҳолаши лозим. Тақризчи ўз фикрини манбаларга ҳавола бериб, аниқ ва асосланган ҳолда баён этиши керак.
  • Тақризчилар мавзуга оид ва қўлёзманинг адабиётлар рўйхатига қўшилмаган, нашр этилган аҳамиятли ишларни ажратиб кўрсатиши зарур. Илгари чоп этилган ҳар қандай фактга (кузатув, хулоса ёки аргумент), қўлёзмада мувофиқ адабиёт ҳаволаси бўлиши лозим. Тақризчи муҳаррирнинг эътиборини қўлёзма ва илгари чоп этилган ишдаги ҳар қандай ўхшашлик, айнанликка қаратиши зарур.
  • Кўриб чиқиш учун берилган, аммо нашр этишга рухсат берилмаган қўлёзмадаги маълумотларни муаллифнинг ёзма рухсатисиз шахсий тадқиқотларда фойдаланиш мумкин эмас. Тақриз жараёнида олинган маълумот ёхуд ғоя сир сақланиши ва шахсий манфаатга эга бўлишда фойдаланилмаслиги лозим.